Abstract:
Ушбу илмий тадқиқотда умуртқа суягининг барча қисми, танасининг четки зич суяк, ўрта ғалвирак қисмлари, бўғим юзасини қоплаган эластик парда, тоғайли дискнинг фиброз пардасида юз берадиган патоморфологик ўзгаришлар ўрганилган. Текширув объекти сифатида дискэктомия, ламинэктомия операциясида олинган умуртқа тўқимаси бўлакчалари ҳисобланган. Натижалар шуни кўрсатдики, умуртқа суяги ғалвирак қисмида компакт суяк устунларида кучли ва қайтмас даражадаги дистрофик ва деструктив ўзгаришлар ривожланиб, таркибида фиброзли дисплазия ва кальциноз пайдо бўлганлиги, суяк устунлари ўз гистотопографиясини йўқотиб, структурасиз ҳолатга кирганлиги аниқланади. Ғалвирак суяк ғовакларида меѐрдаги суяк кўмиги ҳужайралари ўрнига қон қуйилишлар, углеводли ва оқсилли модда, бириктирувчи тўқима тутамлари ва кальциноз, айрим ҳолларда тўлиқ липоматоз ривожланганлиги аниқланади. Ғалвирак суякни қоплаган эластик толали парда таркибида ҳам эластик толалар парчаланиб, гомогенлашиб, дағал оқсил пайдо бўлганлиги, оралиқ моддаси вакуоллашиб, парчаланганлиги кузатилади.