Abstract:
Ушбу мақолада аёллар уретраси фиброзли полипи гистотопографияси ва ўзига хом морфологик ўзгаришлари ўрганилди. Материал сифатида Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг урология бўлимида 2018-2021 йилларда даволанишдан ўтган касаллардан олинган 32 та биопсия материали гистологик жиҳатдан ўрганилди. Натижалар кўрсатишича, уретранинг фиброзли полипи гистологик жиҳатдан ўрганилганда тузилиши ва таркиби жиҳатдан бир-бирига ўхшасада, фиброз тўқиманинг таркиби, ундаги ҳужайра ва толали тузилмаларнинг кўп-камлиги ва жойланиши бўйича бир-биридан фарқ қилиши аниқланди. Фиброзли полипда қопловчи эпителийнинг бевосита ости майдонида бириктирувчи тўқима таркибида толали тузилмалар кўплиги, қон томирларнинг камлиги билан ажралиб туриши, стромасининг чуқур соҳаларида бириктирувчи тўқима ҳужайра ва толали тузилмалар оралиқ моддасида шиш мавжудлигидан сийрак жойлашганлиги ва уларнинг таркибида қон томирлар жойлашганлиги аниқланади. Уретра полипининг этиологиясини инобатга олиб таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, полип пайдо бўлиши сабаблари ва патогенезини эътиборга олинса, полип тўқимасининг ривожланиши яллиғланиш, дистрофик ва дисрегенератив жараёнлар билан бирга ривожланиши оқибатида полипнинг асоси бўлган стромасида ушбу жараёнларга хос ўзгаришлар сақланиб қолиши аниқланади.